Хотира: Ўзбекистон халқ артисти Зикир Муҳаммаджонов таваллудига 105 йил тўлди

Ўтган асрнинг 30-йиллари Ўзбекистон маданий ҳаётида ўзгариш даври сифатида тарихга кирди. Айни шу паллада, театр санъати эндигина профессионал пойдеворини қураётган бир вақтда, саҳна остонасига ёш, нигоҳлари ўтли ва улкан орзуларга тўла бир йигит қадам қўйди. Бу – кейинчалик “Ўзбекистон Қаҳрамони” деган юксак мақомга эришган Зикир Муҳаммадонов эди. Унинг тақдирини ўзбек театри тарихидан ажратиб тасаввур қилиш қийин: у театр билан бирга улғайди, театр билан бирга юксалди ва миллий саҳнамизнинг дарғасига айланди. Бугун, таваллудига 105 йил тўлган санада, биз нафақат бир буюк актёрни, балки бутун бошли даврни, Маннон Уйғур мактабининг энг садоқатли ва ёрқин вакилини хотирлаймиз.