Хотира: Ўзбекистон халқ рассоми Малик Набиев таваллудига 110 йил тўлди

Биз “Амир Темур” деганда кўз олдимизга қандай сиймони келтирамиз? Соҳибқироннинг кўзимиз ўрганган, бизга боқиб турган ўктам ва салобатли нигоҳини мўйқаламда акс эттирган ижодкор ким? Бу саволга жавоб битта – бу Ўзбекистон халқ рассоми Малик Набиевдир. Инсоният тарихида шундай ижодкорлар бўладики, улар нафақат санъат асари яратади, балки  халқнинг тарихий тасаввурини шакллантиради. Бу йил таваллудининг 110 йиллиги нишонланаётган устоз рассом Малик Набиев (1916–2008) ўзининг қарийб бир асрлик умри давомида айнан шундай вазифани бажарди – у ўзбек халқига ўз буюк аждодларининг “жонли” қиёфасини ҳадя этди.