Буюк салтанатларнинг пойдевори одатда фақатгина шамшир ва қалқон билан қурилмайди. Унинг замирида кучли тафаккур, юксак сабр ва мустаҳкам ирода ётади. Соҳибқирон Амир Темур барпо этган бепоён салтанат тарихи ҳам бундан мустасно эмас. Ушбу давлатчилик солномасида исмлари зарҳал ҳарфлар билан битилган сиймолар бисёр. Уларнинг орасида давлат бошқарувида ўз сўзига эга бўлган аёлларнинг ўрни беқиёсдир. Ана шундай нодир шахслардан бири Амир Темурнинг оқила эгачиси (опаси) Қутлуғ Туркон оғо ҳисобланади. Бу улуғвор аёл узун ва мураккаб сиёсий йўлда Темурбекка энг асосий таянч бўлган.