Самарқанд шаҳридан чиқиб Даҳдеб қўрғони орқали Пайариқ туманига кираверар экансиз узоқдан тўрт улкан минора ва мовий гумбазларга кўзингиз тушади. Кенг ва равон йўлда елдек учиб бораётган машина манзилга яқинлашгани сари кўкка бўй чўзиб турган минора ва гумбазлар қуёш нурида ял-ял товланади. Юрагингиз ҳапқиради, нигоҳингиз интиқ келаётганингиз – Имом Бухорий мажмуасидан бир лаҳза нари кетмайди. Наҳотки бу ўша зиёратгоҳ бўлса, дейсиз беихтиёр аввалги хотираларни ёдга олиб. Илк бор келаётган бўлсангиз эса мажмуанинг оппоқ нурдек ялтираб, атрофни янада чароғон қилиб турганини кўриб, ҳайратингиз ошади.