Фарғона вилоятининг барча шаҳар ва туманларида Наврўз умумхалқ байрами кўтаринки руҳда, ранг-баранг тадбирлар ва халқ сайллари билан кенг нишонланмоқда. Ушбу қутлуғ айём аҳолига чексиз қувонч ва юқори кайфият улашяпти. Қувасой ва Марғилон шаҳарлари, Бағдод, Бешариқ, Ёзёвон, Олтиариқ, Қўштепа, Қува ҳамда Риштон туманларида ташкил этилган байрам тадбирларида эса қўшни давлатлардан, бошқа хорижий мамлакатлардан келган меҳмонлар, турли миллат вакиллари иштирок этдилар. Наврўз шодиёнларининг муборак Рамазон ойига тўғри келиши муносабати билан дошқозонларда сумалаклар қайнатилиб, кексалар иштирокида дуолар қилиниб, эзгу тилаклар ва пок ниятлар билдирилди.