Ўзбекистон ЮНЕСКОнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида сўнгги йилларда ўзаро ҳамкорликни янги сифат босқичига кўтариш учун изчил ҳаракат қилмоқда. Жумладан, 2027 йилгача бўлган беш йиллик ҳамкорлик дастури самарали амалга оширилмоқда. Буюк аждодларимиз — Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Амир Темур, Али Қушчи, Камолиддин Беҳзоднинг юбилейлари, Хоразм Маъмун академияси сингари илмий даргоҳлар, “Алпомиш” эпоси каби адабий ёдгорликларнинг тарихий саналари халқаро миқёсда кенг нишонланди. ЮНЕСКО шафелигида “Шарқ тароналари”, “Мақом санъати”, Бахшичилик, Ҳунармандчилик, Этноспорт фестиваллари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Ўзбекистоннинг ташаббуси билан “Хива жараёни: Марказий Осиёда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш” резолюцияси, (2021 йил), “Кичик ёшдаги болаларга ғамхўрлик қилиш ва таълим бериш бўйича Тошкент декларацияси” ҳамда “Ахборотдан эркин фойдаланиш халқаро куни муносабати билан Тошкент декларацияси” (2023 йил) каби муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Ўзбекистон ҳамиша ЮНЕСКО ишига муҳим ҳисса қўшиб келаётган давлат сифатида унинг фаолиятини янги мазмун билан бойитиш учун ўз таклиф ва тавсияларини илгари суриб келган.