Истеъмол учун яроқли тоза ичимлик суви ҳар бир аҳоли учун энг қиммат хазина саналади. Буни тоза сув етиб бормаган маҳаллаларда истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари алоҳида яхши билади. Шу боис, Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманидаги “Тинчлик”, “Оқолтин”, “Мирзачўл”, “Деҳқонобод”, “Тошкент”, “Йўлдошобод” ва “Баҳористон” маҳалла фуқаролар йиғини ва у ерда истиқомат қилаётган аҳоли учун ичимлик суви масаласи энг долзарб муаммолардан бири бўлиб келган.